Бангладешлик шифокорлар сешанба куни "дарахт-одам синдроми"дан азият чекаётган қизнинг терисидан қобиқларни олиб ташлаш бўйича операцияни амалга оширишди. Бу ҳақида DailySabah нашрида хабар берилди

Шифокорлар 10 ёшли беморнинг Даккадаги тиббий маскандан бир неча ҳафтада чиқишини айтишди. Унинг қулоқлари, даҳани ва бурнидаги ўсимталарни олиб ташлаш операцияси муваффақиятли ўтган. 

Саҳана Хатунни бепул даволовчи жарроҳлар унинг "дарахт-одам синдроми" номи билан танилган серсўгал  эпидермодисплазиядан азият чекувчи ягона аёл бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда. 

"Операция муваффақиятли ўтди. Биз унинг юзидаги сўгалларни олиб ташладик. Бир неча ҳафта ичида уни шифохонадан чиқаришга умид қиламиз", - деди клиниканинг пластик жарроҳлик бўлими раҳбари Саманта Лал Сена.

Унинг сўзларига кўра, қизда ушбу касалликнинг эрта босқичи бўлган. Шу боис у яна бир операцияга ҳожат қолмаслигига умид қилди. 

Хатуннинг отаси Муҳаммад Шоҳжаҳон  янгиликдан беҳад шодилигини маълум қилди. 

"Шифокорлар Саҳана яқин орада соғайиб кетишини айтишди. Мен уни уйга олиб кетиш ва яна мактабга жўнатишни кутиб қоламан", - деди у.