Ўзбек замини қадим-қадимдан дунёни лол қолдирадиган иқтидорли олимлар, ихтирочилардан танқислик сезмаган.

Сарлавҳани ўқиб: “Ижодкорлар жуда ошириб юборади-да..”, деб ҳомуза тортганингиз аниқ. Мен ҳам аввалига ишонмагандим. Бориб, кўриб, танишиб сўнгра мақола ёзишга ўтирдим.

Самарқандлик қадрдон журналист йигит қўнғироқ қилиб: “Андижонни Бўз туманида мини-заводлар ишлаб чиқарадиган UZMOLREKI иккинчи номи БЎЗФАРМ корхонаси бор экан. Ўша жойдан макарон ишлаб чиқарадиган дастгоҳ олмоқчимиз”, деб қолди. Тўғриси, мини-заводларни Чин юртидан келтирилишини билар эдим... Қарангки, Андижоннинг Бўз туманида ҳам жаҳон андозаларидан қолишмайдиган (технологик томондан улардан ҳам афзал) мини-заводлар ишлаб чиқарадиган корхона бор экан, деб хабар бермоқда корхонада бўлган Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов.

Мени корхона раҳбари Иброҳимжон Саидохунов кутиб олиб хонасига бошлади. У ерда қашқадарёлик тадбиркорлар билан учрашдик. “Мен Қаршидаги “Тозалик маликаси” жамияти раҳбари Матлубахон Ўтагановаман. Кир ювиш кукуни ва совун ишлаб чиқарадиган мини-заводлар олиб кетиш учун келдим”,- деди ўрта ёшли тадбиркор аёл.

21 йил олдин иш бошлаган корхона кимё, озиқ-овқат, мева-сабзавот, фармацевтик ва косметик дастгоҳлар ишлаб чиқарар экан. Чирчиқдаги қуруқ сут заводи, Шаҳрихондаги “Эделвейс” пойабзал корхонаси ва Олтиариқдаги қуруқ сут ишлаб чиқарувчи заводлардаги дастгоҳлар шу ерда ишлаб чиқарилган. Яна бир таажжубланарли ҳолат барча дастгоҳлар конструкцияси ва технологияси корхонанинг ўзига тегишли. “Яқинда турк фирмалари пойабзал бўяш дастгоҳимизни технологиясини сотиб олишмоқчи ҳам бўлишди”,- дейди Иброҳимжон. Табиатан янгилик яратишга интилувчан Иброҳимжонни ихтироларини кўриб, шошиб қоласан, киши. 65 нафар ишчи фаолият юритадиган корхонага технолог, кимёгар ва биологлар Республика бўйича танлов ўтказиб ишга олинади.

Корхонада тайёрланган универсал дастгоҳда эса 54 турдаги куюқ озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш мумкин. Ишонасизми, Иброҳимжоннинг иш столида кундалик эҳтиёжимиз учун керакли маҳсулотлар тайёрлайдиган жуда кўп дастгоҳларнинг чизмалари билан танишдик. Жамият қошида мутахассисларга дастгоҳларда иш олиб боришни ўргатадиган бепул курс ҳам ишлаб турибди.

Йиғиш цехида катта ҳажмдаги цистернага ўҳшаш қурилмани кўриб ихтирочидан: “Бу қандай ускуна?”, деб сўрадим. “Бу кир ювиш учун кукун ишлаб чиқарадиган технология, Шаҳрихонда яшовчи тадбиркор чет элдан суриштирса нархи 200 минг евро атрофида эканини айтишибди. Бизда тенг ярмига тайёр бўляпти. Асосийси, бу қурилмада экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин”, - дейди Иброҳимжон. Корхона билан ярим соат танишиб, ўзимни эртаклар оламига тушиб қолгандек сездим. Масканда йиғилаётган пишлоқ, қуюлтирилган сут, макарон, қуруқ сут, пойабзал ишлаб чиқарадиган дастгоҳлар турли озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлайдиган ускуналар ва бошқа ўнлаб технологияларга талаб жуда катта.

Асли бу масканда олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил мақола ёзиш учун бир-икки соат камлик қилиши аниқлигини сездим. Чунки, ходимлар дори-дармон ва қизилмия ўсимлигини қайта ишловчи дастгоҳларни ишлаш принципи ҳақида жуда кўп илмий сўзлар билан жавоб қайтаришди.

Президентимиз ўз нутқларида аҳолини иш билан таъминлаш тадбиркорликка кенг йўл очиш бўйича жуда кўп тўхталаяпти. Маслаҳатимиз, мутасаддиларимиз фуқароларни мунтазам фаолият юритувчи иш жойи билан таъминламоқчи бўлса, Бўз туманига келиб, корхонада тайёрланаётган дастгоҳлар билан танишсин.

Ҳозирда корхона технологиялари билан ишлаётган 234 та заводда 2 миллиондан зиёд киши ишламоқда.

Мурожат учун:

+998901487373
+998941009818