Эрон Ислом Республикаси диний раҳнамоси, Эрон қуролли кучлари бош қўмондони оятуллоҳ Али Хоманаий мамлакат АҚШ томонидан таҳдидларга 1979 йилги инқилобга 38 йил тўладиган 10 февраль куни жавоб берилишини айтиб ўтди. Бу ҳақда Press TV телеканалида маълум қилинди.

«Ҳеч бир душман Эрон халқини парчалаб юбора олмайди», деган раҳнамо. У Эрон Вашингтоннинг таҳдидларига ислом инқилоби байрамида жавоб қайтарилишини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ ИШИД ортида туради, Ироқ ва Суриядаги урушлар эса Эрон зарарига ишлайди.

Эрон ва АҚШ муносабатлари Дональд Трампнинг маъмурияти олиб бораётган сиёсат туфайли яна ёмонлашди. АҚШнинг янги президенти Эрон билан муносабатларда аввалги президент Барак Обама каби "юмшоқкўнгил" бўлмаслигини маълум қилди. У Эрон билан 2015 йилда имзоланган ядровий келишувни танқид остига олди.

Ўтган ой охирида Трамп эронликларнинг АҚШга киришини вақтинчалик чеклаш назарда тутилган фармонини имзолади. Эрон томони ҳам бунга жавобан америкаликларга виза беришни тўхтатди.

4 февраль куни АҚШ Эрон билан муносабатлар таранглашгани туфайли Яман қирғоқлари яқинида ҳарбий кемасини жойлаштирди.

Ундан олдинроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг ракета синовларига ҳарбий жавоб берилишини истисно этмаганди.

5 февраль куни Дональд Трамп Эронни «биринчи рақамли террорчи давлат» деб атаб, Теҳронни АҚШни мутлақо ҳурмат қилмасликда айблади.