Америкалик актриса Линдсей Лохан Кувайтдаги ток-шоуда иштирок этди ва ислом ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақида DailySabah нашрида хабар берилди

Кўрсатув давомида 30 ёшли актриса 2015 йилда Нью-Йоркда қўлида Қуръон китоби ушлаб тушган суратлари вирус каби тарқалганидан кейин дуч келган танқидлар оқими ҳақида сўзлаб берди. 

"Менинг ниятим диний китобни ўрганиш бўлмаган, мен шунчаки диний китобни қўлимда ушлаб турган бўлганман. Бироқ Америкадаги одамлар бунинг учун мени қаттиқ танқид қилишди ва жуда ёқимсиз гаплар гапиришди. Қуръон мени тинчлантиради ва менинг хавфсизлигим учун муҳим", - деди Лохан. 

Лохан инглиз тилидаги Қуръоннинг 15 саҳифасини ўқиб чиққани, араб тилида ёзишни машқ қилаётганини маълум қилди. "Шунингдек мен телефонимдаги махсус илова орқали Қуръонни тинглайман". 

Бошловчи ундан Қуръонни мутолаа қилганида ўзини қандай ҳис қилишига оид савол берди. Бунга жавобан Лохан "Мен ўзимни хотиржам ҳис қиламан" деди. 

Лохан ислом дини йўналишида ибодат қилишни бошлагани ҳамда Рамазон ойида уч кун рўза тутганини айтди. "Мен Рамазон пайтида кувайтлик дўстим билан уч кун рўза тутдим. Бу бироз қийин кечди, бироқ яхши бўлди. Дўстим ҳам ўзини яхши ҳис қилди", - деди у.

Январь ойида Лохан ўзининг Instagram саҳифасидаги барча суратларни ўчириб ташлаган ва фақатгина "алайкум салом" сўзларини ёзиб қолдирган. Шундай бўлса-да, у интервью вақтида динини ўзгартиришга боғлиқ маълумотларни  тасдиқламади ҳам, инкор ҳам этмади.