Лондондаги машҳур Гринвич расадхонаси жойлашган Гринвич яриморолида яқин йилларда глобал реконструкциялар бўлиши кутилмоқда. Бу ерда бунёд этиладиган биринчи улкан лойиҳа бюджети 1 миллиард евро бўлган Peninsula Place осмонўпар бинолар мажмуидир. Бу ҳақида newatlas.com сайтида хабар берилди. 

Қурилиш концепцияси испаниялик таниқли меъмор Сантьяго Калатравага тегишли - у Мальмёдаги айланувчи Turning Torso осмонўпар биноси, Аудиторио-де-Тенерифе концерт зали, Валенсиядаги "Санъат ва илм-фан шаҳри" ва бошқа объектлар муаллифидир. 

Мажмуага туташ кўприк Темза қирғоқларида қурилиши режалаштирилаётган паркка қўшилади. 

Меъморчилик ансамбли баландлиги 113 метр (30 қават) бўлган уч осмонўпар бинони ўзида мужассам қилади. Уларнинг орасида эса қишки боғ, қаҳвахоналар ва дўконлар артриуми яратилади (марказий қисм баландлиги - 24 метр, узунлиги - 152 метр). 

Мажмуанинг умумий майдони 130 минг квадрат метр, у 800 жиҳозланган квартирадан иборат бўлиб, улардан 200таси турар-жой, идоралар, меҳмонхоналар, тренажёр ва спорт заллари, театр, концерт майдони, бар ва ресторанлар, савдо нуқталари ва бошқа мақсадларда фойдаланишга топширилади. 

Peninsula Place кўп функцияли ансамбль бўлади, 24 метр баландликда яратилган қишки боғ эса бир вақтнинг ўзида ҳам сайр зонаси, ҳам станция вазифасини бажаради. Бу ер Лондон ва бошқа шаҳарлардан электричкалар, автобуслар ва метролар келиб тўхтайдиган станциядир. 

Гринвич режасига кўра, мажмуа ҳудудида Лондондаги илк йирик киностудия, 2 000 ўқувчи таълим оладиган икки мактаб, 15 720 квартира, парклар ва кўплаб бошқа иншоотлар пайдо бўлади. Буларнинг барчаси яриморолни Лондоннинг фаол маданий нуқтасига  айлантиради. Лондон мэри Содиқ Хоннинг фикрича, бу лойиҳа бутун дунёдан кўплаб сайёҳларни ўзига жалб қилади.