Бир вақтлар машҳур баскетболчи бўлган Деннис Родман йўл-транспорт ҳодисасини келтириб чиқаришга урингани учун жазоланди. Унга 3 йилга шартли равишда озодликдан маҳрум қилинган ва 30 соатга ахлоқ тузатиш иши тайинланган. Бу ҳақда, Аssociated Press агентлиги собиқ ўйинчининг адвокати Пол Мейерга таянган ҳолда хабар қилмоқда.

Автомобиль бошқариш қоидасини бузиш, ажратиб турувчи чизиқни босиб ўтиш, қарама-қарши йўлак бўйича ҳаракатланиш ҳамда полицияга ёлғон маълумот беришда айбланган Родман барча айбига иқрор бўлган. Воқеа жойидан қочиш бўйича айблов ундан олинган. 

Қайд этиш жоиз, 55 ёшли Родман Калифорния штати Оринж округи Олий суд бўлими мажлисида шахсан иштирок этмаган, балки адвокати воситасида айбига иқрор бўлган. 

Ҳодиса 2016 йил 20 июлда Санта-Ана шаҳри шоссесида рўй берган. Прокуратура маълумотларига кўра, Родманнинг йўлтанламаси ярим тунда йўлнинг қарама-қарши йўлагига чиққан ва қаршидан келаётган автомобиль ҳайдовчисини ЙТҲ содир этмаслик учун хавфли манёврни бажаришга мажбур қилган. Адвокатнинг қайд этишича, воқеа йўлнинг чизиқлари яхши кўринмайдиган қисмида юз берган. 

Родман Миллий баскетбол ассоциациясида 2000 йилгача фаолият юритган, 2006 йилда спорт билан хайрлашган. У «Детройт», «Сан-Антонио», «Чикаго», «Лос-Анжелес Лейкерс» ва «Даллас» жамоалари шаънини ҳимоя қилган. У икки марта лиганинг энг яхши ҳимоячиси бўлган.