Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига чиқиш учун бўлиб ўтаётган яна бир учрашув ўз ниҳоясига етди.

Мусобақани саралашдан бошлаган Ўзбекистоннинг вице-чемпиони «Бунёдкор» Қатарнинг «Ал-Жаиш» меҳмони бўлди. Учрашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. Ҳакам томонидан қўшиб берилган бўлимларда ҳам ҳисоб ўзгармади ва ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланадиган бўлди.

Пенальтилар сериясида эса «Бунёдкор»нинг қўли баланд келди. Тошкентликлар жамоаси футболчилари дастлабки учта пенальтини аниқ амалга оширишди. Мезбонлар эса тўртта пенальтидан учтасида хатога йўл қўйишди. Жумладан Сардор Рашидовнинг зарбасини Мурод Зуҳуров бартараф этди. Натижада «Бунёдкор» қолган иккита пенальтини тепишига ҳожат ҳам қолмади ва Сергей Лушан шогирдлари гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритди.

Эндиликда, ОЧЛ гуруҳ босқичида Ўзбекистон шарафини икки жамоа — чемпион «Локомотив» ва «Бунёдкор» жамоалари ҳимоя қиладиган бўлди.

ОЧЛ. Саралаш босқичи
«Ал-Жаиш» (Қатар) - «Бунёдкор» (Ўзбекистон) 0:0, пенальтилар серияси бўйича 1:3

«Ал-Жаиш»: 16.Халифа Абубакар, 4.Лукас Мендес, 6.Ёсир Исо, 8.Юсуф Муфта, 10.Сардор Рашидов, 14.Моҳд Метнаний, 15.Даме Траоре, 18.Муҳаммад Абдулраъб, 23.Мажди Абдулла Сиддиқ, 24.Сейду Кейта (С), 31.Рикардо Ромариньо
«Бунёдкор»: 25.Муроджон Зуҳуров (С), 2.Рустам Ашурматов, 4.Акрам Комилов, 7.Душан Мичич, 8.Жавлон Иброҳимов, 9.Шаҳзодбек Нурматов, 10.Элдор Шомуродов, 17.Достонбек Ҳамдамов, 19.Нурулло Тўхтасинов, 21.Дилшодбек Аҳмадалиев, 29.Отабек Шукуров.