Россия президенти Владимир Путинни "қотил" деб атаган Fox News телеканали бошловчиси Билл О'Рейли айтган сўзлари учун кечирим сўраш ниятида эмаслигини билдириб қўйди. 

Путин матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль журналистнинг Путин номига айтган сўзларига йўл қўйиб бўлмаслиги ва улар ҳақоратли эканини ҳамда бу сўзлар учун узр сўрашларини кутиб қолишини айтган. Россия журналистлар иттифоқи ҳеч ким бошқа кимнидир қотилликда айблашга ҳуқуқи йўқлигини айтган.

"Мен кечирим сўраш устида ишламоқдаман, бироқ бу маълум вақт олиши мумкин. Буни 2033 йилларга келиб текшириб кўришингиз мумкин", деб кесатиқ билан жавоб берган О'Рейли 6 февралдаги кўрсатувида.

Бундан аввалроқ О'Рейли АҚШ президенти Дональд Трамп билан интервьюсида Ғарбнинг Москвага қўйган айбловларини эслатиб ўтган ва Путинни "қотил" деб атаган. "Нима сиз бизнинг давлат шунчалик беайб деб ўйлайсизми?", деб бунга жавоб берган Трамп ва "АҚШ Россия билан ихтилофга боргандан кўра, аксинча, у билан тил топишгани яхшироқ бўлишини" айтган.

Кейинроқ АҚШ сенатидаги республикачилар етакчиси Митч Макконнел Трамп интервьюсидан кўрсатилган лавҳага изоҳ бераркан, у ҳам Путинни "қотил" деб атаган.