Анатолий Ярославцев "Даромадларнинг пасайиши россияликларни уй-жойсиз қолдиради" («Независимая газета», 30.01.17) мақоласида Россияда янги уй-жойларга бўлган талаб камаяётгани ва бу қурилиш соҳаси инқирозини янада чуқурлаштираётганини таъкидлади. 

2016 йил якунларига кўра, уй-жой қурилиши 6,5 фоизга камайган. Қурилишлар биргина сабаб билан тўхтаб қолмоқда - даромадларнинг сўнгги икки йилда деярли икки баробарга пасайиши фуқароларга турар-жойга маблағ тўплаш учун имкон бермаяпти. Бундан ташқари, кўчмас мулк бозоридаги фаоллик пасаймоқда. 2015 йил билан таққослайдиган бўлсак, 2016 йилда 1,1 фоизга камроқ янги квартиралар бунёд этилган. 

Таҳлилчилар кўчмас мулк бозоридаги салбий динамиканинг асосий сабаби иқтисодиётда чўзилиб кетган инқироз, аҳоли даромадларининг пасайиши, меҳнат бозоридаги турғунлик эканлигини қайд этишмоқда. 2016 йил якунларига кўра, аҳолининг реал даромадлари пасайиши деярли 6 фоизни ташкил қилган, 2015 йилда эса бу кўрсаткич 3,2 фоиздан иборат бўлган. Аҳоли даромадлари қанчалик паст бўлса, йирик харидлар, шу жумладан уй-жойга маблағ тўплаш шунчалик қийин бўлади. Бундан ташқари, ипотека кредити ҳам муҳим омил ҳисобланади. 

Бироқ экспертларнинг бир қисми бирламчи бозордаги ижобий динамикага ишора қилишмоқда. 2016 йилнинг илк уч чорагида 440 минг улуш иштироки музокаралари қайд этилган. Бир йил аввал эса бу кўрсаткич 429 мингни ташкил қилган. Ўтган йилларга қиёслаганда ипотека бозорида ижобий тенденция кузатилган. Москвада ипотека заёмларини бериш 16 фоиздан кўпроққа ошган. Асосий сабаб - рубль курсининг мустаҳкамланиши ва кредит фоизини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга МБ асосий ставкасининг пасайиши. 

2017 йилда РФ уй-жой бозорида қайта тикланган тенденциялар тараққий этади. Энг аввало, бирламчи бозордаги харидорлар фаоллиги ошади.