Ўзбекистонда болалар ва ёшлар спортини, жумладан, спортнинг қишки турларини ривожлантириш мақсадида Тошкент шаҳрининг Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари кесишувидаги 9 гектар майдонда кўп тармоқли «Ҳумо» муз саройи қурилиши бошланди. 

Мамлакат президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг ижтимоий ташаббуси ҳисобланади

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш Ҳаракат стратегиясида қайд этилганидек, ёшлар сиёсатини такомиллаштириш йўналишларидан бири «ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш»га қаратилган. Экспертларнинг фикрича, Тошкентда барпо этилаётган ушбу мажмуа мамлакатда спортни янада ривожлантириш ишида қудратли локомотив бўлиши кутилмоқда. 

12 минг кишилик трибунага эга кўп функционал сарой ҳудудида муз аренаси, машғулотлар ўтказиладиган майдон, ўқув-кўнгилочар болалар хиёбони, оилавий кўнгилочар марказлар, амфитеатр, фавворали хушманзара боғлар, ресторан ва рекрацион зоналар, боғ ва сайилгоҳ, замонавий паркинг ва бошқа кўплаб иншоотлар жойлашади. Уларда жисмоний имконияти чекланган кишилар учун ҳам барча шароитлар яратилади.

Мазкур мажмуа дунёдаги етакчи архитекторлик бюроларидан бири бўлган ва 2018 йилда Корея Республикасининг Пёнгчанг шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган қишки Олимпия ўйинлари учун хам барча олимпия объектларни лойиҳалаштирган бюронинг эксклюзив лойиҳаси бўйича, архитектура ва дизайн соҳасидаги энг замонавий тенденциялардан фойдаланган ҳолда, ҳалқаро спорт федерацияларининг олий даражадаги мусобақалар ўтказиш бўйича стандарт ва талабларга мувофиқ қурилади. Муз саройи дизайнида замонавий қурилиш ечимлари ва илғор технологиялар миллий маданият элементлари билан уйғунлаштирилади, жумладан, иншоотнинг меъморий ғоясидан муҳаббат, бахт ва ҳурлик рамзи бўлган Ҳумо қуши ўрин олган. 

Мажмуада ўлчамлари 60х30 метр бўлган иккита - асосий ва машқ муз ареналари режалаштирилган бўлиб, бино умумий майдони 74 минг квадрат метрни ташкил қилади, бино 4 қаватдан иборат бўлиб, баландлиги 36 метрни ташкил этади. Муз саройи 12,5 минг ўринга эга бўлиб, концерт зали сифатида 10 минг, спорт мусобақалар ўтказиш зали сифатида эса 14 минг томошабинга мўлжалланган. Асосий бинода 300 ўринлик машқ аренаси ҳам лойиҳалаштирилган. Мажмуа ҳудудида шунингдек, спорт музейи, болалар учун ёпиқ ўйингоҳ, тренажёр заллари, фитнес маркази, замонавий типдаги умумий овқатланиш шохобчалари, спорт анжомлари дўкони ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилади. 

Иншоот атрофи замонавий ландшафт архитектураси усулларидан фойдаланган ҳолда ободонлаштирилади ва аҳолига қулай бўлган маданий ҳордиқ чиқариш учун майдончалар ва боғлар барпо этилади. Велосипедлар ва роликларда учиш учун алоҳида йўлакчалар қурилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, бино ёнида 2000та автомобиль учун мўлжалланган 4 қаватдан иборат автотураргоҳ қурилади. Аренада хоккей учрашувлари, шорт-трек, фигурали учиш, кёрлинг бўйича мусобақалар билан бир қаторда баскетбол, волейбол, ҳандбол, футзал, бокс, таэквондо ва бошқа спорт турлари бўйича беллашувлар ўтказиш имкониятлари бўлади. 

Бундан ташқари, мажмуада умумхалқ байрамлари, концертлар, кўргазма ва форумлар ўтказиш учун барча шароитлар яратилади. Иншоотда дунё форматидаги энг янги мультимедиа тизими, спорт тадбирлари ўтказиш мақсадида шарҳловчилар учун замонавий махсус хоналар, оммавий ахборот воситалари тезкор ишлаши учун матбуот марказлари ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Лойиҳа оммавий спорт ва маданий тадбирлар ўтказиладиган ва доимий равишда кўп сонли мухлислар бўладиган иншоотларга қўйиладиган барча хавфсизлик талабларига тўла жавоб беради. 

Мажмуанинг спорт майдончаларида йирик тадбирлар ўтказилишидан ташқари, болалар ва ёшлар хоккей жамоалари ва ёш фигурачилар машғулот ўтказади. Шунингдек, жаҳон ва Европа даражасидаги турли чемпионатлар совриндорлари бўлган профессионал мураббийлар жамоаси раҳбарлигидаги секциялар фаолият олиб боради. Фарзандлари билан келган ота-оналарга саломатлик учун фойдали ва мамнуният билан вақт ўтказиши мумкин бўлган универсал спорт клублари ташкил этилади. 

Ўзбекистон учун эксклюзив лойиҳа бўлган янги кўп функционал муз саройи бугуннинг ўзида нафақат катта мегаполиснинг, балки дунё миқёсидаги энг яхши спорт-маданий марказларидан бири бўлиш учун жиддий талаблар билан чиқмоқда. Объект 2018 йилнинг 31 декабрь кунига қадар ишга туширилиши мўлжалланган.