Тожикистонни 2030 йилгача ривожлантириш Миллий стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 55 млрд доллар миқдорида инвестицияни жалб қилиш кўзда тутилмоқда. Бу ҳужжатдаги мақсадларни амалга ошириш учун зарур бўлган маблағнинг деярли тенг ярмидир. 

Стратегияни молиялаштиришда хусусий инвестициялар сезиларли ўрин тутади. Бунда хорижий ва ички сармояларга эътибор қаратилади, деб қайд этишган ҳужжат муаллифлари. 

Шу билан бирга, белгиланган маблағларни жалб қилиш мақсадида «хорижий ва маҳаллий сармоядорлар учун инвестиция муҳитини яхшилаш режалаштирилган». 

Дастурни амалга оширишнинг яна бир манбаси сифатида давлат бюджетининг 56,1 миллиард доллар (Стратегияни амалга ошириш учун зарур маблағнинг 47,5 фоизи) маблағи белгиланган.

Умуман, келгуси 15 йил мобайнида Стратегияни молиялаш манбаларининг умумий киритган сармояси 118 млрд 133 млн долларни ташкил этиши керак. 

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонни 2030 йилгача ривожлантириш Миллий стратегияси 2016 йил декабрь ойида мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган эди.