Анқара шаҳри мэри Мелий Гўкчекнинг фикрича, Туркия шимоли-ғарбида икки кундан буён давом этаётган ер силкинишлари сунъий ҳосил қилинаётган бўлиши мумкин. У давлат тўнтариши амалга оширишга уринган кучлар Туркияда зилзилалар ҳосил қилаётганини тахмин қилган.

Бугун Туркиянинг Эгей денгизи соҳилларида 5,3 баллик зилзила рўй берди. Зилзила маркази Чаноққалъа вилояти Эзине шаҳридан 36,7 км жануби-ғарбда, 6,8 км чуқурликда жойлашган. 

Аввалроқ, Европа Ўрта Ер денгизи сейсмология маркази (EMSC) 6 февраль куни эрталаб Туркиянинг ғарбий соҳилида 5,2 баллик ер силкиниши кузатилгани ҳақида хабар қилганди. 

Чаноққалъадаги зилзила Айважик шаҳри ҳудудида 102та уйнинг қулашига сабаб бўлди, камида 5 киши жабрланди. 

"Чаноққалъада кучли ер қимирлаши содир бўлди. Мен қандайдир кеманинг шу ҳудудда сейсмик тадқиқотлар ўтказаётганини аниқладим. Бу кема қандай кемалигини, қайси давлатга тегишлигини ҳам аниқлашимиз керак. Мен зилзилалар сунъий тарзда ҳосил қилинаётган бўлиши мумкинлигидан хавотирдаман. Буни жиддий текшириш ва натижаларини жамоатчиликка маълум қилиш керак", — дея ёзган мэр ўз твиттерида.

Унинг сўзларига кўра, зилзилалар ўтган йилнинг ёзида Туркияда давлат тўнтаришини амалга оширмоқчи бўлган Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорлари томонидан сунъий равишда ҳосил қилинмоқда.

"Улар ҳозирда Туркияга зарар етказишга интилишмоқда. Улар Истанбулдан узоқ бўлмаган ҳудудда зилзила ҳосил қилишаётган бўлиши мумкин. Кимлардир бу гапларим учун менинг устимдан кулиши ҳам мумкин, аммо бу мени ташвишга солмайди. Мармар ва Дарданелл сувларида сузиб юрган барча сув ости кемалари замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлади. Уларни назоратга олиш керак", — дея қўшимча қилган Анқара мэри.