“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясининг мажлислар залида Кенгайтирилган бошқарув мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компанияси Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мажлисда холдинг компания раиси ўринбосарлари, холдинг компания ва акциядорлик жамиятлари бошқарма бошлиқлари, ҳудудий филиаллар, пахта тозалаш, ёғ-мой корхоналари, пахта терминаллари, озуқа-ем таъминоти корхоналари раҳбарлари иштирок этдилар.

Мажлисда холдинг компания раиси А.Камалов маъруза қилиб, 2016 йилда тизимда амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилинди ва жорий йилда “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси ва унинг таркибига кирувчи акциядорлик жамиятлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишларини сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

2016 йилда тизим корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 104,7 фоизга ўсган. Халқ истеъмол моллари ҳажми эса 113,0 фоизга кўпайган. Маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажми шу давр прогнозига нисбатан 102,0 фоизни ташкил этган.

Республика Инвестиция дастури ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 4 мартдаги ПФ-4707-сонли Фармони билан тасдиқланган “2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялашни таъминлаш чора-тадбирлари дастури”га асосан тизимда 32 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 27,8 млн.доллар инвестициялар ўзлаштирилган.

Шунингдек, 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига асосан “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналарда 5 та маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилиб, 23,1 млрд.сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.

Саноатда ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш бўйича кўрилган чоралар натижасида ишлаб чиқариш таннархини 10 фоизга камайтирилиши таъминланди. Иш ўринларини ташкил қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури доирасида 3400 ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг маърузаларида таъкидланган тармоқларни модернизация қилиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, пахта хом ашёсини қайта ишлаш соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш, пахта экин майдонлари оптиммаллаштирилишини инобатга олган ҳолда хомашё базасини кенгайтириш учун ноанъанавий мойли ўсимликларни етиштириш, бўш турган бино, иншоотлар ва ер майдонларидан самарали фойдаланиш асосида янги иш ўринларини яратиш масалалари алоҳида муҳокама қилинди ҳамда амалий чоралар ва устувор вазифалар белгилаб олинди.