2017 йилнинг 7-8 февраль кунлари Россиянинг Москва шаҳрида ”Журналистика: ижод, касб, индустрия” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Ўқиш ишида қатнашаётган “Ўзбекистон овози” газетасининг мухбири, журналистлар ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов Россия Федерациясининг “ТАСС” Ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари Михаил Гусман билан учрашиб блиц-интервью олди.

— Михаил Соломонович, сизни сиёсий интервью жанрида ўзига хос мактаб яратган журналист сифатида биламиз. Лекин суҳбатни бошқа мавзудан бошласак. Электрон ОАВларининг анъанавий босма нашрлардан “ўзиб” кетаётганини қандай изоҳлаш мумкин?

— Электрон ОАВлари интернет, телевидение, радионинг бирламчи ютуғи ахборотни тезкор узатиш имкониятида. Келинг, буни қўя турайлик-да, тезкорлик имкониятининг “ноқулайликлари” ҳақида гаплашайлик. Электрон ОАВларининг қўрқинчли томони шундаки, улардаги тезкорлик имконияти туфайли биз воқеликнинг содир бўлиш жараёнини кузатаяпмиз. Қандай бўлса шундайига. Масалан, Америкадаги 11 сентябрь воқеалари, Ироқни бомбалаш жараёни, космодромдан кўтарилаётган ракетанинг портлаб кетиши… Энди ўйлаб кўринг, юз миллионлаб томошабин орасида неча-нечаси юрак ҳуружига учради, болалар руҳияти хасталанди, вужудни қўрқув қоплади. Бундай тезкорлик инсоният тафаккурига салбий таъсир кўрсатаётганини ҳам инобатга олиш зарур.

— Ижтимоий тармоқ, интернет журналистика ОАВнинг бир кўринишими?

— Йўқ-йўқ. Ижтимоий тармоқ ҳеч қачон журналистика бўла олмайди. У мулоқот услубигина холос. Албатта, бу менинг шахсий муносабатим. Хонамда мева шарбати ичиб, бўшаган стаканни столга қўйган чоғимда бир ҳамкасбим уни суратга олиб, “Фейсбук”ка жойлаштирибди. 15-20 дақиқа ичида электрон манзилимга 120 дан ортиқ мурожаат ва шарҳ келди. Унда “бўшатилган стаканга тикилган Гусман нималар ҳақида ўйламоқда”, деб ёзилганди. Наҳотки шу журналистика бўлса?!

— Америкадаги президентлик сайлов натижаларига хакерларнинг киберҳужуми таъсир кўрсатган, дея даъво қиладилар…

— Ха, шундай гаплар бор. Биласизми, киберҳужумдан ҳеч ким муҳофазаланмаган. Дунёда икки юздан зиёд давлат ахборот агентлиги бор. Уларга бир кеча-кундузда 4 мингдан зиёд киберҳужум уюштирилар экан. Бу жуда хавфли фожиа. Американинг йирик ахборот агентликларидан бири сайтига кирган киберҳужумчи унинг номидан Оқ уйда портлаш юз бергани, Президент Обама ярадор бўлгани ҳақида ахборот тарқатди. Тўғри уни 16 секунддаёқ пайқаб, сайтдан олиб ташладилар. Аммо ана шу 16 секунд ичида “тезкорлик фидойилари” бўлган ўнлаб интернет сайтларда бу сохта хабар тарқалиб улгурган эди. Энди тушунгандирсиз, киберҳужум қандай оқибатларга олиб келишини.

— Давлат телевидениесига нисбатан хусусий телевиденияларда танқид, таҳлил, очиқлик сезиларли даражада кўпроқ учрайди, дейди мутахассислар. Сиз-чи?

— Ҳар қандай ОАВ, жумладан, телевидение фаолиятида Ватан манфаати, деган туйғу устун туради. У хоҳ Америка, хоҳ Европа, хоҳ Россия ОАВи бўлмасин. Масалан, “Франц пресс” ўзини молиявий мустақилман, дейди. Лекин давлат унинг обрўсини ташкил этиш йўли билан бу Ахборот агентлигини қўллаб қувватлайди. Демак, ҳар қандай ОАВ давлат, у олиб бораётган сиёсат билан қайсидир даражада боғлиқ. Мен учун мансублиги жиҳатидан давлат ёки хусусий ОАВ эмас, хаққоний журналистика муҳим.

— Айтишларича, сиз 64 мамлакат президенти ва давлат раҳбарларидан интервью олган экансиз. Агар сир бўлмаса режа, ўйларингиз қандай?

— Мен, аввало, Россиядаги энг йирик ахборот агентлиги раҳбарларидан бириман. Президент, бош вазирлардан интервью олиш эса кўнгил ва илҳом иши. Очиғини айта қолай, Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатиб боряпман. Агар розилик берса, мен Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, ундан интервью олган бўлар эдим.