АҚШ ядро қуролини қўллаш доктринасини баҳорда кўриб чиқади. Бу ҳақда Америка ҳарбий-ҳаво кучлари штаб бошлиғи генерал Дэвид Голдфин маълум қилди, деб хабар қилмоқда ТАСС агентлиги.

«Мен баҳорда ядро доктринамиз қайта кўриб чиқилишини кутаяпман. Мен ҳақиқатан ҳам буни сабрсизлик билан кутмоқдаман, чунки ҳар қандай янги маъмуриятда бўлгани каби ядро комплексларимизга янгича қараш вақти келди, деб ҳисоблайман», — деган генерал. 

Голдфиннинг сўзларига кўра, бу АҚШ мудофаа вазирлиги «маъмурият уларни қайси томонга йўлламоқчи бўлаётгани»ни тушуниши учун зарурдир. Таъкидланишича, доктринанинг ҳозирги таҳрири собиқ президент Барак Обама даврида қабул қилинган эди. 

Америка генералининг умид билдиришича, маъмурият нафақат ядро каллакларини етказиб бериш воситалари, балки каллаклар сони ва уларнинг қувватига доир мунозараларни ҳам ўтказади. 

Аввалроқ, АҚШ ва Пентагон разведка хизматлари Россия ва Хитойнинг ядро зарбаларига қанчалик чидай олиш қобилиятини баҳолаши ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.