Яман ҳукумати АҚШдан мамлакат ҳудудида ер усти махсус амалиётларини ўтказишга берилган рухсатномани қайтариб олди. Амалиётлар террорчилик гуруҳларига қарши қаратилганди, деб хабар берди New York Times газетаси америкалик амалдорларга асосан.

Нашр маълумотига кўра, бундай қарор Трамп 20 январь куни президентлик лавозимига киришгач, америкалик ҳарбийлар томонидан Яманда ўтказилган илк кенг қамровли амалиётдан сўнг қабул қилинган. Бунинг оқибатида кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди.

New York Times’нинг ёзишича, Яман ҳукуматининг қарори Пентагон Яман ҳудудида террорчиликка қарши қаратилган амалиётларни ўтказишда Трампдан мустақил равишда ҳаракат қилишга рухсат сўраш масаласини сўроқ остига олади.

Америкалик амалдорларнинг сўзларига кўра, Яман ҳукумати тақиқига учувчисиз учар қурилмалар томонидан уюштириладиган ҳужумлар, шунингдек, Яман ва БАА кучларига разведка кўмагини бераётган америкалик ҳарбий маслаҳатчилар тушмайди.

Аввал хабар қилинганидек, Яманда “Ал-Қоида” билан алоқадор бўлган жангариларга қарши амалиёт чоғида бир америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, яна уч киши жароҳат олди. Пентагон амалиёт давомида 14 жангари йўқ қилинганини маълум қилди. “Франс Пресс” агентлигининг яманлик мансабдорга асосан хабар қилишича, АҚШнинг “Ал-Қоида”га қарши учувчисиз учар қурилмалар ва вертолётлар ёрдамида Ал-Байдо вилоятидаги амалиёти чоғида тинч аҳоли вакилларидан 16 нафари ҳалок бўлган ҳамда 41 жангари йўқ қилинган.