АҚШ Давлат департаменти ОАВнинг Яман америкалик ҳарбийларга мамлакат ҳудудида террорчиларга қарши махсус операцияларни ўтказишга берган рухсатини қайтариб олгани ҳақидаги хабарини расман инкор қилди.  

"Бизга Яман ҳукумати АҚШнинг қуруқликдаги операцияларини тўхтатишни талаб қилгани ҳақидаги хабарлар маълум. Яман ташқи ишлар вазири бу хабарларни рад этди", деб айтди РИА “Новости” ахборот агентлигига АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Марк Тонер.

Аввалроқ New York Times нашри америкалик амалдорларга иқтибос келтирган ҳолда Яман ҳукумати АҚШга берилган рухсатни қайтариб олганини маълум қилган. Нашр маълумотларига кўра, бу қарор Дональд Трамп лавозимини бажаришга киришгандан кейин Яманда АҚШ қуролли кучлари биринчи кенг кўламли операцияни ўтказганидан кейин қабул қилинган, чунки операция оқибатида тинч аҳоли ҳалок бўлган.

Кейинроқ Reuters ахборот агентлиги исми маълум қилинмаган яманлик амалдорга иқтибос келтирган ҳолда Яман ҳукумати АҚШдан махсус операцияларни ўтказишга рухсатини қайтариб олмаганини маълум қилган. АҚШнинг Яқин Шарқдаги қўмондонлиги РИА “Новости” ахборот агентлигига Яманда операцияларни ўтказиш ёки уларни режалаштиришни тўхтатиш ҳақида буйруқлар олмаганини маълум қилган.  

АҚШ охирги йилларда Яманда "Ал-Қоида" гуруҳига қарши мунтазам зарбалар бериб келади.