2016 йилнинг 5-21 август кунлари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари ўтказилди. Унда ўзбекистонлик спортчилар муносиб иштирок этишди. Жумладан, ўзбек боксчиларининг қўлга киритган ютуқлари жуда шарафли бўлди.

Бокс бўйича ўтказилган баҳсларда 49 килограммгача бўлган спортчилар ўртасида кечган беллашувларда Ҳасанбой Дўстматов олтин медаль билан тақдирланди.

Kun.uz ижодкорлари Андижонда бўлишди ва Ҳасанбой шуғулланаётган спорт залига ташриф буюришди. У билан қисқа ва мазмунли суҳбат ўтказилди.

- Сиз чемпионликкача бўлган йўлни қандай ифодалаб берган бўлар эдингиз?

- Аввало, чемпионлик барчага насиб этавермайди. Бунинг учун инсонга, биринчи навбатда, ирода керак. Қолаверса, тинимсиз меҳнат талаб қилинади. 

- Чемпионликдан кейин ҳаётингизда қандай ўзгаришлар рўй берди?

- Чемпионликдан кейин 3-4 ой ҳордиқ чиқардим. Яқиндан машғулотларни бошладим. Жорий йилнинг 20 февраль куни Болгарияда халқаро мусобақа ўтказилади. Ана шу мусобақага тайёрланяпман.

- Машҳур одамлар ҳақида турли миш-мишлар юради. Сиз ҳақингизда, Ҳасанбой Олимпиада чемпиони бўлгач, профессионал рингга кўтарилади, ҳатто Африкадан таклиф тушган, деган гаплар бор. Ўзингиз бу ҳолатга ойдинлик киритиб берсангиз?

-  Таклифлар бўляпти, албатта. Фақат Африкадан эмас, бошқа ерлардан ҳам ана шундай таклифлар бўляпти. Аммо мураббийлар билан келишган ҳолда, ҳаваскор боксда қолмоқчиман. Кейинги Олимпиадага қадар яхши ва номдор клубдан таклиф тушса, қабул қилишим мумкин. Чунки бугунги кунга келиб профессионал боксчилар ҳам Олимпиада ўйинларида иштирок этишлари мумкин этиб қўйилди. 

- Андижондаги Олимпиада захиралари коллежида жуда кўп болалар бокс билан шуғулланаётганликларининг гувоҳи бўлдик. Аслида ҳам бу маскандан жуда кўп машҳур спортчилар етишиб чиққан. Айтингчи, бунинг сири нимада?

- Биз ёшлигимизда Муҳаммадқодир Абдуллаевга ҳавас қилиб, спортга кириб келганмиз. Ўз навбатида, ҳозирги ёшлар мен ва дўстларимга ҳавас қилиб, спорт залларига машқ қилгани келишмоқда. Бунинг барчаси, аввало, интилишда. Бундан ташқари, ота-оналарнинг ташаббуси ҳам бунга туртки бермоқда. Чунки ҳар бир ота-она ўз фарзандини чемпион бўлишини, юрт байроғини юқори кўтаришини истайди. 

- Суҳбатимизни боксдан ташқари мавзуга қаратсак. Барчани қизиқтирган бир савол бор. Ҳасанбой Дўстматов қачон уйланади?

- 2017 йилдаги режаларимизда бу ҳам бор. Ота-онам билан маслаҳатлашиб, яхши ниятда тўй бошлаб юборсак, ажаб эмас. Лекин келин номзоди ҳалигача йўқ (кулади). Бўлажак турмуш ўртоғим онамга ёқса, менга ёқса, албатта, бу хайрли ишни бошлаб юборамиз. У онамнинг кўнглидан жой ола билса, у кишини қаттиқ ҳурмат қилса, у кишини яхши кўрса, мени бахтли этади, деб ўйлайман. 

- Риода ўтган Олимпиадада финалга чиққанингизда, сайтимиз орқали тўғридан тўғри репортаж олиб бордик. Ушбу репортажни нафақат Ўзбекистон аҳли, балки жаҳон бўйлаб ҳам кузатишди. Ўшанда онангиз бокс кўрмайман, деб қолдилар. Нега, деб сўраганимизда, “боламга тегаётган зарбаларга чидай олмайман, жоним ачийди”, дедилар. Айтингчи, ҳозир ҳам шундайми?

- Ҳозир ҳам шундай, кўрмайдилар. Жангларда зафар қучиб, видеотасмада олиб келсам кўрадилар. Лекин тўғридан тўғри узатиладиган жангларимни кўрмайдилар. 

- Ўзбекистонда спортга эътибор жуда юқори. Шу боис болалар сиздек чемпионларга ҳавас қилиб, яратилган шароитлардан мамнун бўлиб, спорт остонасидан ўтишяпти. Ана шундай болаларга қандай маслаҳатлар берган бўлар эдингиз?

- Аввало, спортга қизиққан ҳар бир бола ўз устида тинмай ишлаши лозим. Ота-онаси ва мураббийларининг айтганини қилиб, вақтида машғулотларни ўтказиб, ўз ҳаётини спортга, жумладан, боксга боғласа, албатта, бизга ўхшаган, биздан ҳам ўтадиган боксчилар, чемпионлар бўлишади. 

- Мазмунли суҳбат учун раҳмат. Бундан кейинги ниятларингиз рўёбга ошишига тилакдошмиз.

Шу ўринда эслатиб ўтмоқчимиз, Ҳасанбой Дўстматов 1993 йилнинг 24 июнида Андижон вилояти, Булоқбоши туманида отаси Маъруфжон Ҳайитбоев ва Дилнозахон Ҳайитбоева оиласида дунёга келган. У спортдаги илк муваффақиятига 2009 йилда эришган. У ўша йили Қозоғистондаги хотира турнирида чемпионликка эришган. 2011 йилда эса 49 килограммгача вазн тоифасида Ўзбекистон чемпиони бўлган.

У Булоқбоши туманидаги Дўлан қишлоғида ота-онаси билан истиқомат қилади. Қаҳрамонимиз спорт коллежини битирганидан кейин Андижон Давлат университетига ўқишга киради. Айни вақтда у университетнинг магистратура босқичи 2-курс талабаси.