Чили шимолида жойлашган “Эскондида” мис кони ишчилари пайшанба куни иш ташлашни бошлашмоқда. Бу ҳақда шахта ишчилари касаба уюшмаси сешанба куни кечқурун хабар берди.

"Воситачилар иштирокидаги музокараларда келишувга эришилмади. Ҳамма иш ташлашга", - дейилади 2,5 минг кишини бирлаштирувчи "Эскондида" кони касаба уюшмаси иттифоқи хабарида. Унинг қачонгача давом этиши номаълум. Иш ташлаш 9 февраль куни маҳаллий вақт билан 8:00да бошланади.

Ишчиларнинг сўзларига кўра, "музокараларда келишувга келмаслик" конни назорат қилувчи BHP Billiton компанияси айби билан юз берди. Касаба уюшмаси турли имтиёз ва бонусларни тақсимлашда компания ходимларни эски ва янгиларга бўлмасликни талаб қилмоқда. Бундан ташқари, ишчилар ойлик иш ҳақларини 7 фоизга ошириш ва улардан ҳар бирига 38,6 минг доллардан пул тўлашни сўрашган. BHP Billiton илгари сурилган талабларга рози бўлмай, 12 минг доллар миқдоридаги бонусни таклиф қилди.

"Эскондида" кони корпоратив масалалар бўйича вице-президенти Патрисио Вилапланнинг хабар беришича, компания иш ташлаш вақтида мис қазиб олишни тўхтатмоқчи, сабаби "оператор ва мутахассисларнинг иш ташлаши туфайли ишчилар хавфсизлигини кафолатловчи шароитлар яратилмайди". 

Маълумот учун, "Эскондида" дунёда мис қазиб олиш ҳажми бўйича энг йирик кон ҳисобланади. Чили тоғ-кон кенгаши маълумотига кўра, дунёда қазиб олинадиган бу металлнинг тахминан 6 фоизи айнан шу шахтага тегишли. 2015 йилда конда 1,2 миллион тонна мис қазиб олинди.