ФИФАда олиб борилган ички текширув ишлари натижасида коррупция билан боғлиқ навбатдаги ҳолатлар аниқланган. Бу ҳақда ўз манбасига таянган ҳолда Bloomberg агентлиги хабар тарқатди.

Суриштирувлар орқали федерацияларнинг тижорат шартномалари ва собиқ мулозимларга пора бериш ҳолатлари билан боғлиқ тафсилотлар аниқланган.

Текширувларни Quinn Emanuel Urquhart & Sullivan LLP юридик фирмаси ўтказган, ФИФА бу фирма хизмати учун 30 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. 

Фирма суриштирув натижалари бўйича аниқланган барча маълумотларни февраль ойи охирида ФИФА раҳбариятига тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, ФИФАда коррупция билан боғлиқ можаролар 2015 йил баҳорида бошланганди. Ўшанда ташкилот президентлигига бешинчи марта ўз номзодини қўйган Йозеф Блаттер, УЕФА раҳбари Мишель Платини ва бошқа юқори мартабали мулозимларга нисбатан айбловлар илгари сурилди. 2015 йилнинг декабрида Блаттер ва Платини 8 йилга футболдан четлатилди. 2016 йил февралида дисквалификация муддати 6 йилга, май ойида Лозаннадаги Спорт арбитраж суди Платинининг апелляциясини кўриб чиқиб, унинг дисквалификациясини кучда қолдирди, аммо муддат 4 йилга қисқартирилди.

2016 йилнинг июнида ФИФА 5 йил давомида Блаттер, ФИФАнинг собиқ бош котиби Жером Вальке ва федерациянинг собиқ бош директори Маркус Каттнер 79 миллион швейцар франкидан ортиқ маблағни ўзлаштириб юборгани ҳақида маълум қилди.