Филиппин пойтахти Манила шаҳридаги туманлардан бирида кучли ёнғин юз берди. Бунинг оқибатида тахминан 15 минг киши бошпанасиз қолди, деб хабар бермоқда “Ассошиэйтед Пресс” ахборот агентлиги.

Манила портига яқин жойда бўлган Parola мавзесида бир кеча давомида 2 мингдан ортиқ турар-жой иншооти ёниб кетди, дейилади хабарда. Ўт ўчириш хизмати ходимларининг сўзларига кўра, олов сешанба куни кечқурун бошланган. Ҳодиса юз берган жойдаги турар-жойлар 2-3 оилага мўлжалланган бўлиб, бир-бирига жуда яқин жойда жойлашган, бунинг оқибатида ёнғин тезликда бутун мавзега тарқалиб кетди, деб хабар берди агентлик.

Етти нафар инсон енгил тан жароҳатлари олди, ёнғинда бошқа ҳеч ким жабрланмаган, дейилади хабарда. Мавзе аҳолиси ёнаётган уйлардан қочиб чиқишга улгурди. 

Манила ижтимоий хизматлари эрталаб бошпанасиз қолганларни вақтинчалик тураргоҳ билан таъминлашди. Айни дамда у ерда 3 мингга яқин оила бор, деб хабар бермоқда агентлик.

Агентликнинг таъкидлашича, ёнғин фақатгина эрталаб бутунлай ўчирилган.