Жуда кўп спорт турлари, жумладан, футбол ўйинига ҳам пул тикиб, буни қимор кўринишига олиб келиш ҳолатлари учраб туради. Бу иш қай даражада тўғри? Ана шундай мавзуга оид савол билан muxlis.uz сайтига мурожаат қилинган. Саволда шундай дейилади?

“Ассалому алайкум. Айни дамда мен хориждаман. Бу ерда футбол ўйинларига пул тикиб, баҳслашадиган кафелар мавжуд. Ташриф буюрувчиларнинг ҳар бири, албатта, бу баҳсда иштирок этади. Ютган меҳмон кассадан белгиланган фоизда ўз ютуғини олади. Шариатимизда бундай нарсаларга қандай қаралади?”.

Ушбу саволга «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли жавоб қайтарган.

“Ва алайкум ассалом. Маълум шартларга кўра, футбол ўйнаш ва томоша қилиш жоиз. Лекин турли клубларга пул тикиш – қимор ҳисоблангани учун – жоиз эмас. Унинг ортидан топилган пул ҳаром саналади.

Хуллас, шариатда футбол жамоаларига пул тикишга рухсат этилмайди. Мусулмон одам бундай ношаръий ишлардан йироқ юради, билмаганларга айтиб, огоҳлантириб қўяди”.