Ҳар йили гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар фош этилади. Бу ишга қўл урган қанчадан-қанча жиноятчилар жавобгарликка тортилади, тонналаб наркотик моддалар йўқ қилинади. Хўш, унда нега ҳанузгача бу жиноятнинг илдизи йўқолмаяпти? Нега ҳанузгача бу иллат қанчадан-қанча оилаларни пароканда қилиб, ногирон болаларнинг туғилишига сабаб бўлмоқда? Бунинг сабаби битта. У ҳам бўлса, ҳамон нафсига қул кимсаларнинг борлиги, ўз жиғилдони йўлида ҳар қандай тубанликлардан қайтмаслигидир.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Эркин Файзиев, Дилшод Зарипов, Собиқ Яллақаевлар ҳам мазкур жиноят турининг оқибатларини билмаган бўлишлари мумкин эмас. Чунки бирининг ёши 50дан ошган, қолганлари ҳам ўттизни қоралаган, оқ-қорани, ҳалол ва ҳаромнинг, яхши ва ёмоннинг фарқига борадиган ёшда. Бироқ улар нафс йўриғига юриб, гиёҳванд моддалар савдосидек жирканч жиноятга қўл урганликлари сабабли қонун олдида жавоб беришларига тўғри келди.

2016 йилнинг 26 июль куни Ғузор туманидаги “Юлдуз” чойхонаси ёнида Дилшод Зарипов 16 дона гугурт қутисига жойланган гиёҳванд моддани 1 млн. 550 минг сўмга сотаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинди. Вилоят ИИБ ЭКБнинг хулосаларига кўра, гугурт қутиларидаги ушбу ўткир ҳидли ўсимлик марихуана гиёҳвандлик моддаси эканлиги маълум бўлди. Суриштирувлар натижасида мазкур жиноят занжирининг ҳалқаси ёши элликдан ошган, 4 нафар фарзанднинг отаси Эркин Файзиевга бориб тақалди.

Эркин Файзиев 2013 йилда ҳовлисининг бир четига наша ўсимлигини экиб, парваришлаганини ҳеч ким сезмади. У “банги”ликка қачон ўрганганлигини ҳатто оила аъзолари ҳам билишмасди. Гугурт қутиларига жойлашган заҳри қотилни яшириб, ҳумори тутганда истеъмол қиларди...

Ўша куни Э.Файзиев ҳамқишлоқлари билан хўроз уриштириш ўйинини томоша қилиб турганди. Кутилмаганда унга қизининг тўйида ошпазлик қилган Собир Яллақаев қўнғироқ қилиб, уйи олдида кутиб турганлигини айтди. Э.Файзиев даврадан чиқиб, уйига борди. Собир салом-аликдан сўнг дарҳол мақсадга ўтди.

-  Ака, озгина наша топиб бермасангиз бўлмайди. Бир танишим сўраяпти.

Э.Файзиев аввалига йўқ демоқчи бўлди. Аммо қизининг тўйи куни иккаласи бирга чекканлиги ёдига тушиб, уйидан 16 дона гугурт қутини кўтариб чиқди.

-  Етадими? Бошқа қолмади.

Собир “мол”ни қўлига олиб, чўнтагини кавлади,

-  Мана бу сизнинг ҳақингиз.

-  Қанча бу?

-  600 минг сўм.

Э.Файзиев пулни олиб, ичидан 80 минг сўмни ажратди-да, Собирга узатди. 

-  Бу сенинг хизмат ҳақинг.

Собир миннатдорчилик билдириб, ортига қайтди.

Дилшод Зарипов Собирни сабрсизлик билан кутиб турарди. “Ишқилиб қуруқ қайтмасин-да!” Безовталаниб тураркан, узоқдан Собирнинг қорасини кўриб, унга умидвор тикилди.

-  Топдингми?

-  Топдим, мана, олинг.

Собир қўлидаги пакетни Дилшодга узатди. Дилшод раҳмат, деганча бошқа харидор томон ошиқди...

Аммо Дилшоднинг омади келмади. Пулни санаб олаётган вақтда ашёвий далил билан қўлга олинди. Бундан ташқари, тергов жараёнида Собирнинг уйидан ҳам 2,3 грамм гиёҳванд модда топилди.

Жиноят ишлари бўйича Ғузор туман суди томонидан Эркин Файзиев ва Собир Яллақаевга 7 йил-у 6 ойдан, Дилшод Зариповга эса 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.