Ҳиндистон ҳукуматининг иқтисодий маслаҳатчиси ўтган ҳафтада мамлакатда кафолатланган асосий даромадни амалга татбиқ этиш масаласини илгари сурди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди.
 
Арвинд Субраманьяннинг сўзларига кўра, ғояни ҳаётга татбиқ этиш вақти келди – уни “дарҳол амалга оширмаса ҳам, жиддий муҳокамадан ўтказиш лозим”. 

Ҳиндистон иқтисодиётни ислоҳ этиш имконини кўриб чиқаётган ягона давлат эмас. Финляндияда январь ойида ишсизларга ҳар ойда 560 евро миқдорида маблағ тўлаб бериш бўйича тажриба старт олди. Бундан ташқари, бундай лойиҳаларни Италия, Нидерландия ва Шотландияда ҳам қўллаб кўриш ҳақида режалар бор. Бироқ кафолатланган асосий даромад айнан Ҳиндистонга кўп жиҳатдан мос – бу ерда ҳар бешинчи фуқаро қашшоқликда ҳаёт кечиради.

Мамлакатда кафолатланган тўловлар бўйича тажрибалар аввал ҳам ўтказилган: мамлакатнинг Мадхья-Прадеш штатида тахминан 9 минг киши ҳар ойда 300 рупийдан олган ва бу тажриба 18 ой давомида қўлланилди.

Тажриба натижаларига кўра, минтақада бир неча соҳалар яхшиланди – озиқ-овқат, соғлиқни сақлаш, таълим ва санитария. Давлат ёрдамини олувчи фуқаролар олти маротаба кўпроқ гўшт истеъмол қила бошлаган бўлишса, янги сабзавотларни истеъмоли 888 фоизга ортди. Тажриба иштирокчилари соғлиғи ҳам табиийки яхшиланди, улар яхшироқ ишлаб, ўқий бошлади.

Субраманьяннинг ҳисоб-китобларига кўра, кафолатланган асосий даромад миқдори йилига 7620 рупий (113 АҚШ доллари)ни ташкил этиши лозим. Бу сумма жуда кам бўлса-да, бироқ мамлакатдаги қашшоқликда кун кечирувчи аҳолига ёрдам бериши шубҳасиз. Агарда Ҳиндистоннинг 75 фоиз аҳолисига давлат ёрдамини кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилинса, бунга ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизи керак бўлади. Субраманьяннинг маълум қилишича, маблағлар асосан амалдаги 950та ижтимоий ёрдами дастурларига тақсимлаб берилган пуллардан олинади.

Айни дамда Ҳиндистонда озиқ-овқат маҳсулотлари, бензин ва ҳаттоки ўғитларга кўплаб ёрдам пуллари берилади. Бироқ уларнинг тўлови ёмон тартибга солинади. 

Ҳиндистон молия вазири Арун Жетли чоршанба куни кафолатланган асосий даромад – бу “ажойиб ғоя” эканлигини маълум қилди.

“Муаммо шундаки, Ҳиндистон сиёсати бунга ҳозирча тайёр эмас”, - дея қўшимча қилган у.