Исроил полицияси Teva Pharmaceutical Industries’га нисбатан суриштирув ишларини олиб бормоқда. Йирик фармацевтика компанияси хорижда амалдорларни сотиб олишда гумон қилинмоқда, деб хабар берди "Ҳаарец" газетаси. 

Компания ва унинг Россиядаги бўлинмаси ўтган йилнинг охирида АҚШга суддан ташқари келишув асосида бундай айбловлар бўйича деярли 520 миллион долларни тўлаб берганди.

"Исроил томонидан олиб борилаётган суриштирув марказида – компания пора бериш ва уларни яшириш бўйича ҳужжатларни сохталаштиргани оқибатида юзлаб миллион доллар ишлаб олгани ҳақидаги иш бор", - деб ёзади нашр ўз номини очиқламаган манбага асосан.

"Исроил томони гумонларига кўра, Россия ва Мексикадаги пора беришлар мижозларга чегирмалар тақдим этиш, Украинада эса – маркетинг ёки консалтинг хизматларига тўлов ниқоби остида яширинган", - дейилади мақолада.

Маҳаллий полиция расмий вакили бу хабарга изоҳ бермади. "Ҳаарец"нинг ёзишича, компаниянинг ўзи Исроилда худди АҚШдагидек суриштирув олиб борилаётганини тасдиқлаган. Ўшанда Teva Америка ҳукумати билан суддан ташқари келишув якунига кўра, у билан боғлиқ айбловлар “ўтган даврларга” тегишли экани ҳамда амалдаги фаолиятига боғлиқ эмаслигини маълум қилганди.