АҚШнинг биринчи хоними Меланья Трамп судгача бўлган тартибда Мэриленд штатилик блогер Уэбстер Тарпли билан юзага келган можарони ҳал қилди. Иш Трамп хонимнинг шаъни ва қадр-қимматини оёқости қилиш билан боғлиқ эди, дейилади унинг Беверли-Хиллз (Калифорния штат)даги Harder, Mirell & Abrams агентликларидан бўлган адвокатлари хабарида.

Америка президенти рафиқаси “Узр сўрашга ва Трамп оиласига товон пули тўлашга розилик берган Тарпли билан келишувга эришди”, дейилади баёнотда. “2016 йилнинг 2 август куни мен Меланья Трамп ҳақида мақола чоп этдим. У ёлғон маълумотларга эга бўлган”, - дея 71 ёшли блогернинг сўзларидан иқтибос келтирган ҳимоячилар. Унинг тан олишича, “бу ёлғон маълумотлар” давлат раҳбари оила аъзоларига зиён келтирди ҳамда улардан “чин дилдан узр сўради”. Шу билан бир қаторда, блогер қанча маблағни товон пули сифатида тўлаб беришига ойдинлик киритилмаган.

Тарпли ўтган йилнинг ёзида Трампнинг рафиқаси эксорт-хизмат билан шуғулланиши, сиёсатчининг ўзида эса Республикачилар партиясининг Миллий қурултойидан сўнг жиддий асаб бузилиши юз берганини айтган. Сентябрь бошида биринчи хонимнинг ҳимоячиси Чарльз Хардер уни судга берди. 

Шунингдек, Хардер Британиянинг худди шунга ўхшаш маълумотларни тақдим этган Daily Mail газетасини ҳам судга берган. Нашр мақолани дарҳол олиб ташлади, бироқ узр сўрашдан бош тортди. Биринчи хоним нашрдан етказилган маънавий зарар сифатида камида 150 миллион АҚШ долларини талаб қилмоқда.

Мақолада асли Словениядан бўлган Меланья Нью-Йоркда фоҳишалик билан шуғуллангани ва айнан шу шаҳарда Трамп билан 1995 йилда учрашгани айтилган. Британия нашри маълумотларнинг аксариятини Словения матбуотидан олганини хабар берди.