Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 7 февраль куни соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва соҳанинг ривожланиш истиқболларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Давлат раҳбари соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, раҳбарлар масъулияти ва шахсий жавобгарлиги хусусида атрофлича тўхталди.

“Ўтган йилларда аҳолини тиббий хизмат билан қамраб олиш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Жойларда қишлоқ врачлик пунктлари бунёд этилди, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Лекин одамлар қуруқ бинога бормайди, мутахассисга боради. Шу боис қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникаларда энг яхши мутахассислар ишлаши керак. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, республика ва вилоят шифохоналаридаги малакали врачлар жадвал асосида қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда қабуллар ўтказиши лозим”, деди Президентимиз. Шунда халқимиз тиббий хизматдан рози бўлади.