Универститет спорти халқаро федерацияси (FISU) президенти Олег Матицин 2017 йилги Қишки Универсиада расман ёпилгани ҳақида эълон қилди. Ёпилиш маросими турнирга мезбонлик қилган Олмаота шаҳрида ўтказилди.

Ёпилиш маросимида Қозоғистоннинг қадимий анъаналари ва урф-одатлари ҳамда бугунги кундаги ривожланиши жараёни акс эттирилди. Томошабинлар олдида акробатлар ва мусиқачилар чиқиш қилиб, чироқли шоу уюштирилди.

29 январдан 8 февралгача ўтказилган турнирда умумжамоа ҳисобида Россия  терма жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Бу жамоа вакиллари 71та медаллар шодасига эга чиқишди: 29та олтин, 27та кумуш ва 15та бронза. Иккинчи ўринни 36та медаллар шодасини қўлга киритган Қозоғистон (11-8-17), учинчи ўринни 21та медалга эга чиққан Жанубий Корея (11-5-5) эгаллади.

Универсиадада дунёнинг 55 давлатидан ташриф буюрган 2000дан ортиқ спортчи иштирок этди. Турнирга Ўзбекистондан 3 нафар спортчи юборган - 2 чанғичи ва бир сноубордчи борганди. Ўзбекистон вакиллари  Универсиадада биронта ҳам медаль олмади.

Кейинги қишки Универсиада 2019 йили Россиянинг Красноярск шаҳрида ўтказилади. 2021 йилги қишки Универсиада ўйинларига Швейцариянинг Люцерн шаҳри мезбонлик қилади.