АҚШ мудофаа вазирлиги Нью-Йоркдаги Trump Tower осмонўпар биносидан хоналарни ижарага олмоқчи. У ерда Америка президентининг оиласи истиқомат қилади, деб ёзмоқда Washington Post нашри.

Пентагон “Trump Tower’нинг хоналарини ижарага олиш учун тегишли “каналлар” орқали ишламоқда...”, деб хабар берган АҚШ мудофаа вазирлиги вакили Жеймс Бриндл нашрга.

Маълум бўлишича, давлат ташкилоти президент эгалик қилувчи бинодан хоналарни ижарага олиш мақсадида пул тўлаши Трамп молиявий манфаатлари ва унинг президентлиги ўртасида турли муаммоларни келтириб чиқариши мумкин, деб таъкидлайди нашр.

“Бинода жой ходимлар ва ускуналарга керак. Улар АҚШ президентига ўз қароргоҳида кўмак бериш билан шуғулланади”, - дея таъкидлаб ўтган вазирлик вакили.

Нашр маълумотига кўра, улар АҚШ махсус хизматига яқин бўлмаган жойда жойлашишади. Оқ уй президентнинг расмий қароргоҳи бўлишига қарамай, Нью-Йоркдаги осмонўпар бинода Трампнинг оиласи, жумладан, рафиқаси Меланья ва ўғли Бэррон яшайди.

CNN телеканали маълумотларига кўра, ижарага олиш учун бир йилда 1,5 миллион доллар атрофида маблағ сарфланиши мумкин.