Россиянинг Белгород вилоятидаги Тетеревино қишлоғида юз берган ёнғин беш нафар ука ва сингилларини қутқариб қолган ўн ёшли Юля бўлмаганида фожиали якун топиши мумкин эди. Бу ҳақда Life хабар бермоқда.

Таъкидланишича, болаларнинг онаси 2 февраль куни катта қизидан уларга қараб туришни сўраган. Уйда олтита вояга етмаган болалар бўлган: 2, 6, 8 ёшли ака-укалар ва 2 ҳамда 9 ёшли опа-сингил.

Юля укалари ва синглиси билан хонада ўйнаётган пайт, болалардан бири ошхонага бориб, ёнғин бошлангани ҳақида бақирган.

Қўрқиб кетган болалар хоналарга қочиб кириб, каравот таги ва шкафларда беркиниб олишади. Аввалига қизлардан каттаси оловни сув ёрдамида ўчиришга ҳаракат қилди, бироқ ўт бора-бора уйдан чиқиш имконини ҳам тўсиб қўйган.

Юля укалари ва сингилларини бир жойга жамлаб, мушти билан хонадаги ойнани синдирди. Бу пайт ёнаётган уйга қўшнилар ҳам етиб келишганди – қизча кичик ука ва сингилларини улардан бирига бериб, ўзи ҳушидан кетди.

У қўшниларнинг уйида ўзига келган ва дарҳол укалари ҳамда сингиллари сонини ҳисоблашга киришиб кетди – Юля кимнидир қутқара олмаганидан қўрққан.

Юля ўз хатти-ҳаракатини қаҳрамонлик, деб билмайди. Айтишича, ўз яқинларини жуда ҳам яхши кўради ва уларни йўқотишдан жуда қўрқади – шунинг учун жароҳатлар ва ис газидан заҳарланишга эътибор ҳам бермади.