Россиянинг Красноярск ўлкаси прокуратураси интернет тармоғида қотилликка буюртма бериш имкони бўлган сайтни аниқлаган. Шундан сўнг, суд маҳкамаси ушбу маълумот тарқатилишини тақиқлади, деб хабар қилмоқда минтақа прокуратураси матбуот хизмати. 

Маъмуриятнинг сайт номини ошкор этмаган ҳолда маълум қилишича, сайтда Россия жиноят кодексининг қотиллик моддаси таъсирига кирувчи ҳаракатлар реклама қилинган. Бунда исталган киши рўйхатдан ўтмасданоқ сайтга кириш ва унинг мазмунидан танишиш имконига эга бўлган.  

"Красноярск шаҳар прокурори сўровига мувофиқ, интернет тармоғида жойлаштирилган ва қотилликка буюртма бериш имконини берган маълумот суд томонидан Россия ҳудудида тарқатиш тақиқланган ахборот сифатида тан олинган", — дейилади хабарда. 

Прокуратурада қайд этишларича, бу каби ахборотлар нафақат маълум бир шахслар ҳуқуқларини, балки Россия Федерацияси ҳуқуқий меъёрларини ҳам қўпол равишда бузади.