Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли 9-10 февраль кунлари Украинага ташрифини амалга оширади. Туркия ТИВ берган маълумотга кўра, у Киевда Олий даражадаги ҳамкорлик кенгаши мажлисига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилади.

Човушўғли Украинага ўтган йилнинг 20 декабрида бориши керак эди, аммо Анқарада Россия элчиси Андрей Карловнинг ўлдирилиши туфайли унинг сафари қолдирилганди.

"Бизнинг вазир Украинага 9-10 февраль кунлари Туркия ва Украина ТИВ раҳбарлари раислигида ўтказиладиган Олий даражадаги ҳамкорлик кенгаши мажлисига тайёргарликни муҳокама қилиш учун боради. У украиналик ҳамкасби Павел Климкин билан музокаралар чоғида икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлиши муносабати билан ўзаро муносабатларнинг истиқболларини муҳокама этади. Бундан ташқари, Украина шарқида кейинги вақтларда юзага келган таранг вазият кўриб чиқилади", дейилган хабарда.

Шунингдек, музокаралар якунида вазирликлар ўртасида маслаҳатлашувлар режаси имзоланади.

Човушўғли ўз ташрифи давомида Украина президенти Петро Порошенко, Украина бош вазири Владимир Гройсман ҳамда қрим татарлари ва месхети турклари вакиллари билан учрашишни режалаштирган.