Республика Адлия вазирлиги томонидан ҳудудий адлия бошқармалари, маҳаллий давлат органлари билан ҳамкорликда Президентимизнинг “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари  тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятини ижрочилар ва аҳолига етказиш мақсадида марказ ва минтақаларда туркум семинарлар ўтказилмоқда. Тадбирларнинг дастлабкиси Тошкентдаги “Туркистон” саройида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Ахборот хизмати маълум қилмоқда.


Унда Тошкент шаҳридаги давлат органлари ва ташкилотларида фаолият кўрсатаётган юридик хизмат ходимлари, адвокатлар, вазирлик ва Тошкент шаҳар адлия бошқармасининг масъул мутахассислари иштирок этдилар.


Президентимизнинг қарори билан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш мақсадида юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлиги кучайтирилди. Эндиликда давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан, уларнинг ҳудудий тузилмаларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган минимал меъёр ва мезонларга асосан мажбурий тартибда юридик хизматлар ташкил этилади. Мазкур хизматнинг мавжуд штат бирликларини эса асло қисқартиришга йўл қўйилмайди. 


“Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида”ги низомга кўра, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, республика даражасидаги давлат органлари 
ва ташкилотлари юридик хизмати ходимлари лавозимига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда тайинланади ва озод қилинади. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, шунингдек, ҳудудий даражадаги давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимлари эса лавозимга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари билан келишилган ҳолда тайинланади ва озод қилинади.


Семинарда ушбу қарорнинг қабул қилинишига сабаб бўлган омиллар хусусида хам тўхталиб ўтилди. Гарчи юридик хизматлар давлат органлари ва ташкилотларнинг норма ижодкорлиги, шартномавий-ҳуқуқий 
ва талабнома-даъво ишларини амалга ошириб келган бўлса-да, қонун бузилишининг олдини олиш ҳамда ўз вақтида чоралар кўриш борасидаги фаолияти талаб даражасида эмаслигига урғу бердилар. Бунга уларнинг етарли ва таъсирчан ваколатларга эга эмасликлари сабаб бўлаётганди. Юридик хизмат ходимларининг моддий таъминот даражаси ҳам  мазкур сохага олий юридик маълумотга эга юқори малакали кадрларни жалб этишга тўсқинлик қилган. Эндиликда бу масала ижобий ҳал этилди. Мазкур хизмат ходимларига малака даражалари, кўп йиллик меҳнатлари учун устамалар берилиши, шунингдек ҳар чоракда корхона ва ташкилот манфаати юзасидан ундирган маблағларининг 5 фоизи миқдорида мукофот олишлари, лекин ушбу сумма минимал иш хақининг 50 баробаридан ошмаслиги белгиланди.