Давлат божхона қўмитаси томонидан 2017 йил I ярим йиллигида ўтказиладиган матбуот анжуманларининг режасига мувофиқ оммавий ахборот воситалари учун “Божхона органлари томонидан контрабанда ва божхона қоидабузарликларига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Миркомолов иштирок этиб, журналистларга мавзу юзасидан батафсил ахборотларни такдим қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Давлат божхона хизмати органлари томонидан контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш йўналишида ўтказилган тадбирлар ва божхона кўрикларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланилганлиги натижасида 19 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, 68 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлар олиб қўйилган. Аниқланган ҳолатларнинг 581 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилди.

Ҳуқуқбузарликларнинг 1,2 мингга яқини божхона постларида ўтказилган божхона кўриклари натижасида аниқланган. 675 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари эса божхона экспертизалари натижасида фош қилиниб, 7,5 млрд. сўм миқдорида қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Айни пайтда барча чегара ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари назорат-кўрик ва гиёҳвандлик моддаларини идентификация қилувчи воситалар, валюта детекторлари, металлоанализаторлар ҳамда бошқа техник ускуналар билан таъминланди. Бир қатор чегара божхона постларида 13 та катта ҳажмдаги юкларни комплекс назорат қилишга мўлжалланган сканер қурилмалари, радиация назоратини амалга оширувчи 11 та радиацион портал мониторлари ўрнатилди.

Шунингдек, божхона органлари томонидан интеллектуал мулк эгалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, интеллектуал мулк муҳофазаси 2016 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Божхона Кодексида ҳам ўз аксини топди. Эндиликда товар белгиси билан қонунга ҳилоф равишда тамғаланган контрафакт товарлар импортини тўхтатиш имкони яратилди.

2016 йил давомида божхона органлари томонидан турли мазмундаги аудио ва видео маҳсулотлар ёзилган 5 мингдан  ортиқ контрафакт маҳсулотлар аниқланган бўлиб, муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар бузилишининг олди олинди.

Ўтган йил давомида биргина аҳоли саломатлиги учун зарарли бўлган алкоголли ичимликлар ишлаб чиқарувчи 9 та “яширин цех”лар фош этилиб, 800 литрдан кўпроқ шу каби маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Анжуман якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.