Ўктам Султонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) илгари ҳам судланиб, амнистия актига мувофиқ тайинланган жазодан озод қилинган бўлса-да, бундан тегишли хулоса чиқармаган экан, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Тўғри йўлга юриш ўрнига ҳалол меҳнат қилмай, қайта жиноятга қўл урди. Танишлари Асқар Худоёров ва Зафар Давроновлар билан бозор атрофида валютафурушлик билан шуғуллана бошлади.

Ўша кун ҳам Пастдарғом туманидаги “Жума деҳқон бозори” дарвозаси ёнида “харидор” чорлаб туришган эди. Ўктамнинг ёнига икки аёл келиб, 7 минг АҚШ долларини сўмга алмаштириб беришни сўрашди. 

АҚШ долларини қўлига олган Ўктам уларни “хонаси”га бошлади. 

-  Мен ўзимда борини санаб кўрай-чи, - Ўктам шундай дея ёнидаги пулларни санаб кўрди. 24 млн. сўм пули бор экан. Телефон орқали танишлари Зафар ва Асқарни ёрдамга чақирди. Улар ҳам ўзларида бор пуллар билан етиб келишди. Аёллар пулни санашга киришишган ҳам эдики, хонага ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари кириб келишди. Холислар иштирокида валютафурушлардан олинган 23 млн. 911 минг сўм ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ўктам Султонов, Асқар Худоёров ва Зафар Давроновга суд ҳукми билан энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.