YouTube видеосервисидаги энг оммабоп фойдаланувчилар порталда ўз мобил қурилмалари ёрдамида трансляция олиб боришлари ва бунинг учун пул олишлари мумкин бўлди. Бу ҳақда YouTube расмий сайтида эълон қилинган баёнотда айтилади.

Унга кўра, гап жонли эфирда сервис фойдаланувчилари смартфонларидан товуш ва тасвирларни трансляция қилиш ҳақида бормоқда. Аввалига ушбу функция 10 мингдан ортиқ доимий кузатувчига эга YouTube фойдаланувчиларига тақдим этилади. Кейинчалик эса ундан барча фойдаланиши мумкин.

Видеосервис ходимларининг таъкидлашича, “юз минглаб истеъдодли кишилар воситачиларсиз ўз фикрлари билан бўлишиш, ҳаётлари ва ижодлари ҳақида ҳикоя қилиш имконига эга бўлишади”.

YouTube баёнотида айтилишича, бу тарзда трансляция олиб бориш жуда осон – бир неча тугмачаларни босиш кифоя. Шу билан бир қаторда, бундай трансляцияларга нисбатан сервис ёрдамида юкланган бошқа видеоларга қўлланилувчи ҳаракатларни амалга ошириш ҳам мумкин бўлади.

Ҳужжатда айтилишича, “жонли эфирда видеотрансляцияда YouTube’нинг ишончли инфратузилмаси ишлатилади”.

Видеосервис сайтида, шунингдек, Super Chat номли бошқа функция ҳақида маълумот бор. У видеотрансляция олиб борувчиларга пул ишлаб топиш имкони беради.

Бунда барча фойдаланувчилар намойиш вақтида ўз изоҳларини қолдиришлари мумкин бўлгани ҳолда, Super Chat ёрдамида маблағ эвазига алоҳида хабарларни эълон қилиш ҳам мумкин бўлади. Улар экранда узоқроқ – беш соатгача қолади ва махсус визуал эффектлар билан кўрсатилади.

Компания бундай хабарларни жойлаштириш қанчага тушишига ойдинлик киритмаган. Аввалига Super Chat’ни ўз видеолари трансляциясида ёқиш ва пул топиш имкони 20та мамлакат фуқароларига тақдим этилади.