39 ёшли Антон Пилипа исмли канадалик 2012 йилда Ванкувердаги уйидан йўқолиб қолгандан кейин Амазонка жунглиларидан соғ-омон топилган. У бу вақт ичида 2 та қитъани кесиб ўтиб, АҚШ, Мексика, Гватемала, Коста-Рика, Панама, Колумбия, Венесуэла, Аргентина ва Бразилияда бўлишга улгурган.

Эркакнинг оиласи улар билан Бразилия полицияси боғланмагунча, унинг 2016 йил декабригача қаердалиги ҳақида ҳеч қандай ахборотга эга бўлмаган. Бунга эса Антоннинг аёл полициячи билан танишиб қолгани қисман кўмак берган. Антонни ўз қарамоғига олган бразилиялик аёл полициячининг айтишича, Антоннинг ёнида на пули, на ҳужжатлари бўлган. Аёл уни шифохонага олиб борган, бироқ Антон у ердан қочиб кетган. Кейинроқ канадалик ушланиб, унинг шахси ўрнатилган.   

Бразилия ҳукумати Антоннинг оиласи билан боғланган. Антоннинг акаси Стефаннинг айтишича, у анчада вақтдан бери шизофрения касаллигидан азият чекиб келган. Антоннинг миясига Буэнос-Айресдаги Миллий кутубхонага бориш ғояси ўрнашиб қолган.