Adidas компанияси Tesla Model 3 электромобили логотипи плагиат ҳисобланишини маълум қилди. Компания фикрича, машинага берилган учта тасмачали эмблема унинг логотипига жуда ўхшашдир. Компания вакиллари бу масала бўйича тегишли идораларга расмий норозиликларини билдирганлар.

Ҳужжатларда кўрсатилишича, Adidas ушбу логотипдан 1952 йилдан фойдаланиб келади. Кийим-кечак ишлаб чиқарувчи компаниянинг аризасида таъкидланишича, Model 3 машинаси логотипи немис компанияси логотипининг "айнан ўзи ёки унга жуда ўхшашдир".

Geek Wire’нинг ёзишича, "Тесла" компанияси бу шикоятга муносабат билдириб, ўз модели эмблемасини учта тасмачадан "3" рақамига ўзгартирган. Буни твиттерда компания раҳбари Илон Маск ҳам тасдиқлаган.

Tesla Model 3’нинг сотувга мўлжалланган илк нусхалари 2018 йилдан кейин пайдо бўлади. Электромобилнинг серияолди прототипи 2016 йил апрелда намойиш қилинган. Маълум қилинишича, "Тесла"нинг бу энг кичик ўлчамли электрокарида 100 киловатт-соат ҳажмга эга батарея унинг ғилдираклар базаси имкон бермаслиги сабабли қўлланмайди.