«Интер» «Манчестер Сити» жамоаси ҳужумчиси Серхио Агуэрони қўлга киритиш учун жиддий ҳаракат қилмоқда.

The Times хабарига кўра, манчестерликлар клуби раҳбарияти миланликларга Агуэрони 93 миллион евро эвазига сотиб олиш мумкинлигини маълум қилган.

«Интер» ушбу 28 ёшли аргентиналик футболчига 3 ойдан буён қизиқиш билдириб келади. Жамоа унга йилига 9 миллион евро миқдорида маош тайинлашга тайёр.

Баъзи манбаларга кўра, италияликлар жамоасининг хитойлик янги инвесторлари ёзги трансферлар учун 400 миллион евро ажратмоқчи.

Эслатиб ўтамиз, инглизлар жамоаси сафига январда бразилиялик вундеркинд Габриэл Жезус келганидан сўнг, Агуэро асосий таркибдаги ўрнини йўқотди.

Бундан олдинги хабарларда ушбу футболчига «Реал», «Челси», «ПСЖ», «Милан», «Барселона» ва «Ювентус» каби гранд жамоалардан қизиқиш мавжудлиги хабар қилинганди.