7 февраль куни сайтимиз орқали “Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовга ҳомий керак, чунки...”, деб номланган таҳлилий мақола эълон қилинган эди. Унда шахмат бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторовнинг моддий рағбатлантириш масаласига оид танқидий фикрлар тилга олинади.

Ўзбекистон шахмат федерациясининг маълум қилишича, 2015-2016 йиллар якуни бўйича Россияда анъанавий тарзда ташкил этилган жаҳоннинг нуфузли “Аэрофлот опен-2017” турнирига Воҳидов Жаҳонгир ва Абдусатторов Нодирбекнинг авиачипта, меҳмонхона, овқатланиш ва регистрация  бадаллари Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳисобидан қопланган.

Жумладан, Абдусатторов Нодирбекка  жорий йил давомида ойлик стипендия тўлаб боришга қарор килинган. Бу эса Федерация ёш шахматчиларнинг моддий қўллаб-қувватлаш ва юқори натижаларга эришишига кўмаклашиш мақсадида тадбиқ этилган. Келгусида бундай стипендия олувчи иқтидорли шахматчилар сонини кенгайтириб бориш  режалаштирилган. 

Федерация тақдим этган маълумотга кўра, тасдиқланган йиллик режа асосида шахмат оламида ўтказиладиган  нуфузли  спорт мусобақаларига  иқтидорли,  юқори натижаларга эришаётган ёш спортчиларни ва мураббийларнинг барча харажатлари, жумладан, йўл чипталари, иштирок бадаллари, мехмононаларда яшаш ҳақи Федерация ички харажатлари доирасида қопланмоқда. 

2015 йилдан Федерация ҳамда ёш-иқтидорли шахматчилар Нодирбек Якуббоев ва Жавоҳир Синдоровни Жаҳон ва Осиё чемпионатларига тайёрлаш мақсадида халқаро гроссмейстер Марат Джумаев билан шартнома тузилган. Ж.Синдоров ва Н.Якуббоевлар М.Джумаев қўл остида шуғулланиб, Жаҳон ва Осиё чемпионатлари ва қатор Халқаро рейтинг турнирларида ғолибликни қўлга киритишган ва халқаро спорт унвони меъёрларини бажаришган. Мураббийни иқтидорли шахматчиларни тайёрлашга жалб қилиш лойиҳаси учун Федерация ҳисобидан 41 000 000 сўмга яқин маблағ сарф этилган.

ЎШФ томонидан моҳир мураббий, гроссмейстер М.Джумаевни 2015 йил Грецияда ўтказилган ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасига қўшимча тренер сифатида юборилиши  мазкур мусобақада Ўзбекистоннинг ёш шахматчилари Жаҳон шахмат оламида кучли бешликдан ўрин олишини таъминлади. Мазкур чемпионат билан боғлиқ харажатлар 5 800 000 сўмдан ортиқни ташкил этган.

2016 йилда Зайнитдинов Сирожиддин Мўғулистонда ўтказилган ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатига Федерация ҳисобидан юборилган ва С.Зайнитдиновнинг авиачипта, овқатланиш, меҳмонхона ва трансфер бадал харажатлари - жами 6 300 000 сўм федерация ҳисобидан қопланган. Мазкур чемпионатда бир қатор ўзбекистонлик спортчилар Осиё чемпиони ва совриндори бўлишган.

Бу йил Шаржа шаҳрида ташкил этилган “Рамазан опен” халқаро турнирида халқаро гроссмейстер М.Джумаев ва Н.Якуббоевларнинг авиачипталари ва мусобақа даврида овқатланиш ҳамда меҳмонхона харажатлари, яъни 7 500 000 сўм маблағ федерация ҳисобидан бўлган. 

Сочи шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасида Жаҳон чемпионатида Абдусатторов Нодирбек ва Нодирбек Якуббоев, уларга чемпионат давомида мураббийлик қилувчи В. Егиннинг авиачипта, меҳмонхона, овқатланиш бадаллари - жами 7 300 000 сўмдан ортиқ маблағ Федерация ҳисобидан қопланган.

Федерация тақдим этган маълумотда, жумладан, қуйидаги рақамларга гувоҳ бўлиш мумкин:

- 20 ёшгачага бўлган ёшлар ўртасида Осиё чемпионатида олтин медалларни қўлга киритган Тоҳиржонова Гулруҳбегим ва Якуббоев Нодирбек 1 000 000 сўм миқдорида пул мукофоти билан;

- Грецияда ўтказилган ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпионатида 1-ўринни эгаллаб, “Жаҳон чемпиони” деган юксак унвонни қўлга киритгани учун Воҳидов Шамсиддин 1 000 000 сўм миқдорида;

- Қозоғистонда ўтказилган IV Марказий Осиё кубогида аёллар ўртасида 1-ўринни эгаллагани учун 500 000 сўм миқдорида пул мукофоти билан, шунингдек, В.Н.Егин, Геворгян И, С.Баймуратоваларнинг авиачипта ва яшаш харажатлари, Қурбонбоева Сарвиноз, Марат Джумаев ва Воҳидов Жаҳонгирларнинг авиачипта харажатлари 10 000 000 сўм миқдорида;

- Мўғулистонда ўтказилган Осиё чемпионатида олтин, кумуш, бронза медалларни қўлга киритгани ва йўналиши бўйича Н.Якуббоев, Х.Бегмуратов, О.Нигматов, А.Абдисалимовлар жами 2 300 000 сўм миқдорида;

-  Тоҳиржонова Гулруҳбегимнинг Ҳиндистонда ўтказилган 20 ёшгача қизлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг кириш бадали; 

- Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган “Осиё миллатлар кубоги”да аёллар терма жамоаси аъзоларининг 2 та кумуш медалини қўлга киритганлиги муносабати билан терма жамоанинг ҳар бир аъзоси (Н.Мўминова, С.Қурбонбоева, И.Геворгян (шахсий ҳисобда олтин медал учун), Г.Тоҳиржонова ва С.Баймуратовалар ва терма жамоа бош мураббийи В.Н.Егинлар 700 000 сўм миқдорида жами 4 500 000 сўм миқдорида пул мукофотлари билан мукофотланган.

Бундан ташқари, Озарбайжонда бўлиб ўтган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида аёллар ва эркаклар терма жамоаси аъзоларининг тайёрларлик кўриши учун тажрибали мураббий, халқаро гроссмейстеримиз Рустам Қосимжонов ва қозоғистонлик халқаро гроссмейстер Муртас Кажгалеев иштирокида ўқув-йиғин машғулотлари ташкил этилган. Шунингдек, ўқув-йиғин машғулотлари давомида иштирокчиларнинг овқатланиш харажатлари ва мураббий учун иш ҳақи жами 33 000 000 сўмдан ортиқ маблағ Федерация ҳисобидан қопланган. 

Ўзбекистон шахмат федерацияси 2017 йилда ҳам иқтидорли спортчиларни, мураббийларни ҳар томонлама, ҳам моддий хам маънавий қўллаб-қувватлашни режалаштирган.