Республикачи Линдси Грем ва демократ Бен Кардин бошчилигидаги америкалик бир гуруҳ сенаторлар Россияга нисбатан санкциянинг бекор қилиниши фақат Конгресс рухсати билан амалга ошиши мумкинлиги бўйича қонун лойиҳасини киритмоқчи. Бу ҳақда ташаббускорлардан бири Бен Кардиннинг матбуот хизматига асосланиб ТАСС хабар берди.

«Россия билан муносабатларни баҳолаш акти» деб номланган қонун лойиҳаси мамлакат президенти Дональд Трампнинг маъмурияти расмий Москвага нисбатан чеклов чораларини сусайтиришни таклиф қилиши мумкин бўлган ҳолатга қарши ишлаб чиқилган.

Ушбу ҳужжатда Оқ уй нима сабабдан Россияга нисбатан санкцияларни бекор қилишга интилаётганлиги бўйича батафсил тушунтириш берувчи ҳисобот тайёрлаши лозимлиги, шунингдек, Конгресс бу қарор учун овоз бериши мумкин бўлган 120 кунлик муддат назарда тутилади.

Бундан олдинроқ Кардин агар Конгресс Трампнинг бу масаладаги қарорига рози бўлмаса, сенаторлар ва конгрессменлар тегишли резолюция қабул қилиши ҳақида айтиб ўтганди.