АҚШ қуролли кучлари Суриядаги бомбардимон вақтида Ал-Қоида террорчи ташкилотининг 11 нафар аъзоси, шу жумладан "ветеран"нинг ўлдирилгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақида GulfNews'да хабар берилди

Пентагон 3-4 февраль кунлари Идлиб яқинида амалга оширилган авиазарбалар натижасида Ал-Қоида ветеранларидан бири Абу Ханий Ал-Масрийнинг ҳам ҳалок бўлганини маълум қилди. 

Ал-Масрий 1980-1990-йиллардан буён Ал-Қоида ташкилоти сафида гуруҳларнинг ўқув машғулотларини назорат қилган ва ташкилот асосчиси Усома бин Лодин ҳамда ҳозирги етакчи Айман Аз-Завахирий билан ишлаган. 

Пентагон баёнотида таъкидланишича, "у кейинчалик бутун дунё бўйлаб тарқалган минглаб террорчиларни қабул қилган, уларга турли ғояларни сингдирган, ўргатган ва қурол билан таъминлаган".

АҚШнинг Суриядаги ҳужумлари асосан ИШИДга қаратилган, бироқ сўнгги ойларда Америка Ал-Қоидага қарши ҳужумларини ҳам кучайтирган.