Америка, Британия ва Франция олимлари Антарктида қаърида 4та қуриб қолган кўлни аниқлашди. Тадқиқотга бағишланган мақола The Cryosphere журналида чоп этилган. 
Ўзаро бир-бири билан боғланган 4та кўл қитъа ғарбидаги Амундсен денгизи яқинида жойлашган Туэйтс шельф музлиги остида яширинган. 2013 йил июнидан 2014 йил январига қадар кўлларнинг сувлари дунё океанига қўшилган. 

Музости кўлларининг умумий майдони 700 квадрат километрни ташкил этади. Улардан дунё океанига қўшилган сув миқдори 3,5 куб километрни ташкил этган. Сув оқимининг энг юқори тезлиги, олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, сониясига 240 куб метрни ташкил этган. Бу ғарбий Антарктидадаги шу каби жараёнлар учун энг юқори натижадир.

Музости кўлларининг қуриб қолиши, тадқиқотчиларинг айтишича, 20-28 йиллик даврда қайта содир бўлиб туради. Бу эса, Туэйтс музлигининг океан томон сирпанишини 10 фоизга тезлаштирган. Шу билан дунё океани сатҳининг қисман кўтарилишига сабаб бўлган. 

Олимларнинг хулоса қилишларича, Туэйтс музлиги 200-900 йиллардан сўнг тўлиқ океанга қўшилади. Кўллар CryoSat-2 сунъий йўлдоши воситасида аниқланган.