Францияликлар биатлончи Мартен Фуркад Австриянинг Хохфилцен шаҳарчасида бошланган жаҳон чемпионатининг аралаш эстафетасида қилган ҳаракати учун рус мухлисларининг кескин муносабатига йўлиқди.

Гап шундаки, аралаш эстафетанинг учинчи қисмида Россия терма жамоаси сафида қатнашган Александр Логинов навбатни тўртинчи иштирокчи Антон Шипулинга топшираётган пайтда Франциядан тўртинчи бўлиб стартга чиққан Фуркад Логиновнинг чанғисини тепиб ўтди ва унинг йиқилишига сабабчи бўлди.

Маълумот учун, Александр Логинов икки йил муқаддам Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) томонидан икки йилга мусобақалардан четлатилган ва жазо муддатини ўтаб яна терма жамоа сафига қайтганди. Мартен Фуркад эса унинг спортга қайтишини кескин қоралаган, бир неча маротаба бу борада танқидий фикрлар билдириб келаётганди.