Австриянинг Хохфильцен шаҳарчасида бошланган биатлон бўйича жаҳон чемпионатининг биринчи кунидаёқ можароли вазият юзага келди. 

Жаҳон кубоги умумий рейтингида етакчилик қилаётган Мартен Фуркад аралаш эстафета пайтида россиялик Александр Логиновни чанғисини тепиб йиқитиб кетгач, тақдирлаш маросимида Россия терма жамоасининг икки нафар аъзоси Антон Шипулин ва Александр Логинов Мартен Фуркад билан қўл бериб сўрашишдан бош тортди.

Шундан сўнг Россия терма жамоаси шоҳсупасига кўтарилаётганда Мартен Фуркад улар билан битта жойда туришни истамади ва муддатидан олдин шоҳсупани тарк этди. Аммо турнир ташкилотчилари уни шоҳсупага қайтиш шартлиги тушунтириб, ортга қайтаришди.

Эслатиб ўтамиз, аралаш эстафета баҳсларида Германия терма жамоаси олтин медалларни қўлга киритган бўлса, Франция иккинчи, Россия термаси эса учинчи ўринни эгаллади.