Бразилия суди мамлакатнинг йириклиги бўйича учинчи штати ҳисобланувчи Рио-де-Жанейро штатининг губернатори ҳамда унинг ўринбосарининг ўз лавозимларидан кетишлари ҳақида ҳукм чиқарди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.  

Маълум қилинишича, штат губернатори Луиш Фернанду Пезан, вице-губернатор Франциску Дурнелеш ва уларнинг маъмурияти ўзларининг 2014 йилдаги сайлов кампаниялари молиялаштирилиши эвазига баъзи компанияларга давлат шартномаларини берганлар. Ўшандаги сайловларда Пезан штат губернатори сифатида иккинчи муддатга номзодини қўйган.

Таъкидланишича, Пезан ва Дурнелеш суд ҳукми устидан шикоят қилишлари мумкин.

15 млн аҳолига эга Рио-де-Жанейро штати йириклиги бўйича Бразилиянинг Сан-Паулу ва Минас-Жерайс штатларидан кейинги ўринда туради.