Британиялик депутатлар Буюк Британиянинг Европа Иттифоқида аъзолиги бўйича қайта референдум ўтказиш таклифини рад этдилар. Бундай таклифни Либерал демократлар билдираётган эди. 

Таклифга 340 депутат қарши чиқди, 33 депутат уни маъқуллади. 

Бундан ташқари, бошқа таклифлар ҳам рад этилди. Мухолиф Лейбористлар партияси бош вазир Тереза Мэйнинг мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқишидан кейин унинг халқаро бизнес учун жозибадорлигини ошириш мақсадида офшор тартибни жорий қилиш бўйича режаларининг олдини олишни таклиф қилганди. Бу таклиф 336 нафар депутат томонидан рад этилди, 299 нафар депутат эса унга овоз берди.    

Шунингдек, лейбористларнинг қолган таклифлари, жумладан Европа Иттифоқидан чиқишдан аввал Гибралтар аҳолисининг фикрини билиш ёки ҳукуматга Brexit’нинг миллий соғлиқни сақлаш тизимига таъсири ҳақида ҳисоботни тайёрлаш мажбуриятини қўйиш кабилар ҳам қўллаб-қувватланмади.