The Grand Tour шоуси бошловчиси, британиялик Жеймс Мэй ўзининг 1972 йилда ишлаб чиқарилган Rolls-Royce Corniche автомобилини унинг ўриндиқлари қопламаси унда аллергик реакция қўзғатиши сабабли сотиб юборишга қарор қилди. Бошловчи бу ҳақда Drive Tribe’даги блогида маълум қилган

"Агар мен бу машинада ярим соатдан кўпроқ юрсам, менда қичима бошланади. Сўнгра эгнимдаги кийимни қайнатишимга тўғри келади. Шунинг учун кейинги ойда бу машина сотиб юборилади", деб ёзган бошловчи.

Мэйнинг автомобили март ойи ўрталарида Гудвуддаги Bonhams аукционида сотилмоқчи. Бошловчи ўз машинасини уни харид қилган қийматдан 1,5-2 баробар қимматроққа сотишни мўлжалламоқда. Мэй машинани қанчага харид қилгани маълум қилинмаган.

The Telegraph нашрининг маълум қилишича, Мэй бу машинага 2010 йилдан бери эгалик қилиб келади. 

Ҳозирда Мэй Amazon сервисида эфирга узатилувчи The Grand Tour шоусини Жереми Кларксон ва Ричард Хаммонд билан бирга олиб боради. Уларнинг барчаси аввал BBC каналида чиқувчи Top Gear дастурини олиб боришган.