Эрон Мудофаа вазири Ҳусайн Деҳқон ОАВнинг Эрон янги ракетани учиргани ҳақидаги хабарларини тасдиқламади. Бу ҳақда вазирлик сайтида маълум қилинган.

«Аввало, бу хабарлар тўғри эмас, бундай иш бўлмади. Иккинчидан, биз бундай синовни ўтказсак ҳам бунга ҳақлимиз, ҳеч ким бунга аралашмаслиги керак», — дея вазирнинг сўзларини келтирган ТАСС.

Унинг сўзларига кўра, бундай хабарлар Эроннинг душманлари томонидан ўйлаб топилган.

Бундан олдинроқ америкалик амалдорга асосланган ҳолда Fox News телеканали Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрининг шарқий ҳудудида, 1 ҳафта олдин ракета парвози амалга оширилган старт майдончасидан яна битта ракетани учиргани ҳақида хабар тарқатди. 

30 январь куни Эрон ўртача масофали баллистик ракетани синагани маълум бўлгач, 3 февраль куни АҚШ Эронга қарши янги санкцияларни киритганди.