2016 йилда Европада ўрнатилган шамол электр станцияларининг умумий қуввати кўмирда ишловчи иссиқлик электр станциялари қувватидан ошиб кетди. Бу ҳақда WindEurope маълумотларида айтилган.

Шу тариқа, минтақада шамол электр станциялари қуввати 153,7 гигаВатт.ни ташкил этган бўлса, улардан олинган электр энергияси Европа мамлакатларида истеъмол қилинувчи барча электрнинг 10,4 фоизига тенг бўлди. Бундан ташқари, бир йил давомида соҳага киритилган инвестициялар 4 фоизга ўсиб, 27,5 миллиард еврони ташкил этди.

Таъкидланишича, шамол энергетикасига энг кўп эътибор ҳамон Германия томонидан қаратилмоқда, кейинги ўринларда Испания, Буюк Британия ва Франция бормоқда.

Аввалроқ Нидерландиядаги барча поездлар шамол кучи орқали ишлаб чиқарилувчи электр таъминотига бутунлай ўтгани хабар қилинганди.